11 ойда “Тошкент” РФБ айланмаси 1,7 бараварга ўсди

Дата: 18:21, 14-12-2016.

Тошкент. 14 декабр. ЎзТАГ – 2016 йилнинг 11 ойи давомида “Тошкент” Республикаси фонд биржаси савдо айланмасининг умумий ҳажми сўнгги йиллардаги энг юқори кўрсаткич – 224,2 млрд сўмни ташкил қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Биржа маълумотларига кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига (128,3 млрд сўм) нисбатан 1,7 мартага кўпдир.

Фонд биржасида қимматли қоғозлар билан амалга оширилган битимлар сони 2728тани ташкил этган ҳолда 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 марта юқори натижа қайд этилди. Йил бошидан буён биржа савдолари орқали 125та акциядорлик жамиятининг 591,1 млн дона қимматли қоғозлари билан биржа битимлари амалга оширилди.

Умумий биржа савдо айланмасида иқтисодиётнинг молиявий тармоғи улуши 51,2% ёки 114,7 млрд сўмни ташкил қилган ҳолда, шундан 50,1% ёки 112,2 млрд сўмлик қисми тижорат банкларининг қимматли қоғозлари билан амалга оширилган битимлардан иборат бўлди. Ўтган йилнинг мазкур даврида эса биржа савдо айланмасида молиявий тармоқнинг улуши 86,0% ёки 110,3 млрд сўмни ташкил қилди.

Шунингдек, ўтган даврда умумий биржа савдо айланмасида агросаноат мажмуасининг улуши ўсган ҳолда 6,6% ёки 14,8 млрд сўмни (2015 йилнинг 11 ойида – 9,1% ёки 11,6 млрд сўм), саноат тармоғининг улуши эса 18,0% ёки 40,3 млрд сўмни (2015 йилнинг 11 ойида – 0,4% ёки 0,5 млрд сўм) ташкил қилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: