13 декабрда Ўзбекистон парламенти юқори палатасининг Ялпи мажлиси бўлиб ўтади
Тошкент. 12 декабр. ЎзТАГ – 13 декабрда Ўзбекистон парламенти юқори палатасининг Ялпи мажлиси бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Сенат ахборот хизматига асосланган ҳолда.
“Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси 2016 йил 13 декабр куни Тошкент шаҳрида чақиришга қарор қилди”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Сенат ялпи мажлисининг муҳокамасига Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг буджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисидаги, шунингдек 2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисидаги масалаларни киритиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, кун тартибига “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа қонунлар киритилган.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда иккипалатали парламент илк марта 2005 йилда шакллантирилган. Қонунчилик палатасида доимий асосда 2014 йил 21 декабр – 2015 йил 4 январдаги сайловларда тўрт сиёсий партия ва Экологик ҳаракатдан 5 йилга сайланган 150 депутат ишлайди.
Юқори палата – Сенатда 2015 йил 13-14 январда сайланган 100 депутат фаолият юритади. Улар 6 кишидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан сайланган. Сенатнинг яна 16 аъзоси Ўзбекистон президенти томонидан мамлакатнинг энг нуфузли кишилари орасидан тайинланади.
Сенат мажлислари зарурият юзага келганда, лекин йилига камида уч мартадан кам бўлмаган ҳолда чақирилади.