13 йил ичида биринчи марта Ўзбекистон энди алоҳида ташвиш уйғотадиган мамлакат сифатида белгиланмади – Помпео

Дата: 12:27, 24-06-2019.

Тошкент. 24 июнь. ЎзТАГ - 13 йил ичида биринчи марта Ўзбекистон энди алоҳида ташвиш уйғотадиган мамлакат сифатида белгиланмади, деб маълумот берди АҚШ давлат котиби Майкл Помпео, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

21 июнь куни АҚШ давлат департаменти диний эркинлик бўйича 2018 йилги ҳисоботни эълон қилди, бу дунёдаги диний эркинлик ҳолатини баҳолайди. Ушбу тадқиқотлар давлат идоралари, диний жамоалар, нодавлат ташкилотлар, журналистлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари, олимлар, шунингдек, ОАВ ва бошқа манбалардан олинган маълумотларга асосланган.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, 2018 йил декабрь ойида Давлат департаменти раҳбари Ўзбекистонни "алоҳида ташвиш уйғотадиган мамлакатлар" рўйхатидан расмий равишда олиб чиқиб, мамлакатнинг диний эркинликларни таъминлаш борасидаги салмоқли тараққиётини эътироф этди.

"Ўзбекистонда ҳали кўп ишлар қилиниши керак, аммо 13 йил ичида биринчи марта бу алоҳида хавотирга молик давлатлар сирасига киритилгани йўқ", - деди М. Помпео ҳисоботини тақдим этиб.

У Ўзбекистонда диний эркинликни ривожлантириш бўйича йўл харитаси қабул қилинишини таъкидлади. 1,5 минг диний маҳбуслар озод қилинди ва диний мансублиги учун қора рўйхатга олинган 16 минг кишига хорижга чиқиш учун рухсат берилди.

М. Помпео, шунингдек, Ўзбекистондан келажакда шунга ўхшаш ислоҳотларни, хусусан, болаларнинг масжидларда ота-оналари билан ибодат қилишга рухсат беришини кутишини таъкидлади.

Сурат манбаи: cas.sk

Янгилик билан ўртоқлашиш: