16 май куни Тошкентда НАТО ходимининг Бюроси расман очилади
Тошкент. 14 май. ЎзТАГ – 2014 йилнинг 16 майида Тошкентда НАТО ходимининг Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқа ва муносабатлар бўйича Бюросининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги(ЎзТАГ).
Бюродан хабар беришларча, маросимда НАТО Бош котибининг Кавказ ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Жеймс Аппатурай, НАТОга аъзо мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчилари, Марказий Осиё мамлакатлари элчилари, Ўзбекистон Республикасининг ТИВ ва бошқа давлат органларининг раҳбарлари қатнашади.
НАТО ходими жойларда дипломатик вакил вазифасини бажаради ва НАТОнинг Марказий Осиёдаги ҳамкорлари билан амалий алоқаларга кўмаклашади. Бунга мудофаа режалаштируви ва таҳлил, НАТО операцияларига кўмак, ҳарбий таълим ва тайёргарлик, илмий ва экологик масалалар бўйича ҳамкорлик ва жамоат дипломатияси киради.
НАТО Бош котибининг Кавказ ва Марказий Осиё бўйича махсус вакилини тайинлаш ҳақидаги қарор 2004 йилда Истамбулдаги саммитда қабул қилинган эди. Биринчи бўлиб ушбу ушга Роберт Симмонс тайинланди, ҳозирда ушбу вазифа НАТОнинг собиқ матбуот котиби Жеймс Аппатурайга юкланган.
НАТОнинг Марказий Осиёдаги ваколатхонасини очиш 2011 йил январда Ўзбекистон Президентининг Брюсселга ташриф чоғида муҳокама қилинган эди.
НАТОнинг алоқа ва муносабатлар бўйича вакилини қабул қилган Марказий Осиёдаги биринчи ҳамкор Қозиғистон бўлди. 2013 йилнинг мартидан бошлаб НАТОнинг алоқа ва муносабатлар бўйича ҳозирги вакили Ўзбекистонда жойлашган. Бу ерда унинг офиси дипломатик ваколатхона сифатида июлда аккредитация қилинган эди.