18 апрелда Тошкентда Тасвирий ва амалий санъат фестивали бошланади

Дата: 17:27, 17-04-2017.

Тошкент. 17 апрел. ЎзТАГ – 18 апрелда Тошкентда республика Тасвирий ва амалий санъат фестивали бошланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Бадиий Академияси маълумотига кўра, унинг биринчи куни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”га бағишланади ҳамда Камолиддин Беҳзод ҳайкали пойига гуллар қўйишдан бошланади.

Сўнгра Бадиий Академия Марказий кўргазмалар залида “Энг яхши ўқув муассасаси”, “Энг яхши мураббий”, “Энг яхши тасвирий санъат асари”, “Энг яхши кўргазма”, “Энг яхши маҳорат дарси” танловлари ташкил этилади.

Бундан ташқари, Марказий кўргазмалар зали атрофида “Эски шаҳар” гуруҳининг “Баҳор нафаси”, Бадиий  Академиянинг Қорақалпоғистон ва вилоят бўлимлари ўқувчиларинг кўргазмалари ўтказилади.

Фестивалнинг очилиш кунида “ART-Zamin” тасвирий санъат гуруҳи, педагог-рассомларнинг маҳорат дарслари, “Камолиддин Беҳзод издошларимиз” ижодий танловининг очилиш маросими, Андижон вилояти маданияти ва санъати кунлари бўлиб ўтади.

Анъанага кўра, фестиваль Ўзбекистон Бадиий  Академияси академиклари, таниқли рассом ва амалий санъат усталарининг маҳорат дарслари ҳам ўтказилади

Икуо Хираяма номидаги Халқаро Карвон-сарой россиялик фоторассом ва ихтиолог Александр Маркевич ижодига бағишланган кўргазмани, шунингдек, таниқли ўзбекистонлик рассом М.Коровинанинг шахсий кўргазмасини очади.

Фестиваль 5 кун давом этади. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: