18 турк журналистлари Самарқандга учиб келишди
Тошкент. 29 ноябр. ЎзТАГ – 28 ноябр куни 18 турк журналистлари Самарқандга учиб келдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Бугун (28 ноябрда – ЎзТАГ) эрталаб Истамбул-Самарқанд йўналиши бўйича парвоз қилган Boeing 757 самолёти Самарқандга келиб қўнди. Унинг бортида Yeni Birlik, Aksam, IHA и Daily Sabah газеталари, Kanal 7, ATV, TRT ва TRT World телевизион каналлари, Doğan News Agency, İhlas Haber Ajansı агентликлари ва “Онадоли” агентлигига мансуб 18 турк журналистлари келдилар”, - дейилади “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК матбуот хизмати хабарида.
Аэропортда журналистлар учун ранг-баранг учрашув уюштирилди. Уларни Самарқанд ҳокимияти, Миллий авиакомпания ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари қутладилар.
“Турк делегацияси раҳбари Yeni Birlik газетаси вакили Муса Алиоглу ўзбек учувчиларининг юқори маҳоратини алоҳида таъкидлади ва парвоз мукаммал ўтганини айтиб ўтди”, - дейилади хабарда.
Ранг-баранг кутиб олиш маросимидан сўнг меҳмонлар Регистон, Гўри Амир, Шоҳи Зинда каби Шарқ дурдоналарини кўришга йўл олдилар. “Бугун кечаси турк журналистлари гуруҳи Бухорога жўнаб кетади. Инфо-тур пайшанба кунигача давом этади”, - деб таъкидланади хабарда.
Эслатиб ўтмизки, бундай пресс-турни ўтказиш ғоясини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 25-27 октябр кунлари Туркияга давлат ташрифи давомида ўртага ташлаган эди. Хусусан, у “Ўзбекистон ҳаво йўллари”га етакчи туркия оммавий ахборот воситалари вакилларининг Буюк Ипак йўли шаҳарлари бўйлаб инфо-турга келишини ташкил этишни топширган эди.