2 май Тошкентда трамвайлар юрган сўнгги кун бўлди

Дата: 15:40, 02-05-2016.

Тошкент. 2 май. ЎзТАГ – 2 майда Тошкентдаги ҳаракатда бўлган сўнгги трамвай йўналиши – “Бешқайрағоч” ва ипподром орасида қатновчи 17-йўналишнинг сўнгги иш куни бўлди, деб хабар беради “Газета.uz” нашри.

“Эрта тонгда трамвайлар йўналишга чиқди, бироқ вагонлардан бири темир йўл изидан чиқиб кетганидан сўнг барча ҳайдовчилар депога қайтиш тўғрисида буйруқ олди. 9:10 да энг охирги вагон депога кирган ҳолда Тошкент трамвайининг 115 йиллик тарихига нуқта қўйди”, - дейилади хабарда.

“Тошкент трамвайи” компаниясида “Газета.uz”га Ўзбекистон пойтахтида трамвай ҳаракати тўхтатилганини тасдиқлашган. Шундай бўлишига қарамасдан, на вагонларда, на бекатларда бу ҳақда эълон берилмаган, шаҳарнинг турли нуқталарида трамвайни беҳуда кутиб турган йўловчиларни учратиш мумкин бўлган.

Эслатиб ўтамизки, Тошкентда трамвайлар ҳаракатининг тўхтатилиши ҳақида март охирларида маълум бўлган эди (ўш пайтда шаҳарда олтита йўналиш мавжуд эди). Ҳукумат бунга кам сонли йўловчилар ташилиши, тармоқларнинг эскиргани ва автомобиллар сонининг ортиши билан йўлларни кенгайтиришга эҳтиёж туғилганини сабаб қилиб кўрсатган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: