2 йилда Ўзбекистонда 4,4 минг янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш режалаштирилмоқда

Дата: 15:19, 29-12-2016.

Тошкент. 29 декабр. ЎзТАГ – 2017-2018 йилларда Ўзбекистонда бўш турган, қурилиши тугалланмаган қурилиш объектлари базасида 4,4 минг янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

2016 йилда 99та зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли корхоналарда молиявий соғломлаштириш бўйича дастурларга мувофиқ уларда ер майдонларини оптималлаштириш, банк қарздорлигини реструктуризация қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, технологик жиҳатдан янгилаш бўйича лойиҳалар амалга оширилди.

“Натижада 2015 йилда зарар билан ишлаган корхоналар 2016 йилнинг 9 ойи мобайнида 54 млрд сўм фойда олинишига эришилди. Бу каби ишлар 2017 йилда ҳам машиносозлик, электротехника, қурилиш, оғир саноат, қишлоқ хўжалик маҳсулотини қайта ишлаш ва истеъмол моллари ишлаб чиқариш соҳаларида ҳам амалга оширилади”, - деб таъкидлашди Давлат рақобат қўмитасида.

Эслатиб ўтамизки, 2016 йилда 786 зарар кўриб ишлаётган ва фаолият юритмаётган корхоналарга 900 млрд сўмликдан зиёд инвестициялар жалб қилиниб, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Яна 777та бўш турган давлат обектларини ижарага бериш, салоҳиятли инвесторларга сотилиб, шу жумладан, “нол” харид қийматда берилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: