2 йилда Ўзбекистонда 5,4 минг кмдан зиёд автойўллар таъмирланади

Дата: 17:00, 16-02-2017.

Тошкент. 16 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни тасдиқлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу хужжат доирасида 2017-2018 йилларда 5454 километр, жумладан, 2017 йилда 2700 километр, 2018 йилда 2754 километр хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқ ва овулларнинг кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш режалаштирилмоқда.

“Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 295 километр, Андижон вилояти бўйича – 324 километр, Бухоро вилояти бўйича – 439 километр, Жиззах вилояти бўйича – 222 километр, Қашқадарё вилояти бўйича – 679 километр, Навоий вилояти бўйича – 216 километр, Наманган вилояти бўйича – 309 километр, Самарқанд вилояти бўйича – 479 километр, Сурхондарё вилояти бўйича – 535 километр, Сирдарё вилояти бўйича – 267 километр, Тошкент вилояти бўйича – 516 километр, Фарғона вилояти бўйича – 520 километр, Хоразм вилояти бўйича – 321 километр ва Тошкент шаҳри бўйича – 332 километр йўллар ва кўчаларни таъмирлаш назарда тутилган”, - деб таъкидланади хужжат матнида.

Бундан ташқари, минтақавий йўлларни таъмирлашга ихтисослаштирилган ташкилотларни 330та йўл техникаси билан таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, давлат раҳбари мавжуд республика хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқ ва овуллар кўчаларини босқичма-босқич хатловдан ўтказиш ва уларни паспортлаштириш, бу борадаги ишлар натижалари бўйича электрон маълумотлар базасини яратиш ҳақида ҳам топшириқ берди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: