2002 йилдан бери поляк-ўзбек товар айланмаси 15% ўсиб, $173 млндан зиёдни ташкил қилди

Дата: 14:01, 01-07-2014.

Тошкент. 1 июл. ЎзТАГ – Поляк-ўзбек товар айланмаси 2002 йилдаги $99 млндан 15% ўсиб, 2013 йил якунларига кўра $173 млндан зиёдни ташкил қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ). Ушбу маълумотлар Польша Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Савдо ва инвестицияларга кўмаклашиш бўлими томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида эълон қилинди.
Бўлим бошлиғи Славомир Стшалковскининг сўзларига кўра, 2002-2013 йиллар орасида Польшанинг Ўзбекистонга экспорти миқдори $69 млндан $148 млнга қадар ўсди.
Хусусан, поляк экспортининг муҳим қисми чорва моллари етказиб бериш бўлди. Унинг улуши 2012 йилдаги 22 фоиздан 2013 йилда 29 фоизга қадар ошди.
Кимё саноати экспорти 16 фоиздан 18 фоизга қадар кўпайди, шунингдек, минерал маҳсулотлар, ўсимликлар (мева-савбзовотлар кўчат ва уруғлари) ва бошқа қатор товарлар экспорти ҳам ошди.
Жами, Польша товарларининг Ўзбекистонга экспорти 20 товар гуруҳлари бўйича амалга оширилмоқда.
2013 йил якунлари бўйича Ўзбекистондан Польшага экспорт қилинган маҳсулотлар орасида пахтани бирламчи қайта ишлаш маҳсулотлари, текстиль саноати маҳсулотлари (жами импорт ҳажмининг 34%), минерал маҳсулотлар (32%), кимё саноати маҳсулотлари (21%) етакчи ўринни эгаллади.
Жами, Ўзбекистондан Польшага 12 товар гуруҳларидаги маҳсулотлар экспорт қилинади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: