2002 йилдан бошлаб Ўзбекистонда сил билан оғриш кўрсаткичи деярли 2 бараварга пасайтирилди
Тошкент. 11 декабр. ЎзТАГ – 2002 йилдан бошлаб Ўзбекистонда сил билан оғриш кўрсаткичи деярли 2 бараварга, аҳолининг ушбу касалликдан вафот этиш кўрсаткичи 3,5 бараварга пасайтирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Тошкентда Ўзбекистон Республикасида сил касаллигига қарши кураш дастурининг ютуқлари ва вазифалари мавзусига бағишланган анжуманда очиқланган маълумотларга асосланган ҳолда.
“...Республикада сил касалликларининг асосий кўрсаткичларининг барқарорлашишига, яъни сўнгги йилларда касалланиш кўрсаткичларининг икки бараварга, сил касалликлари оқибатида вафот этиш ҳолатларининг 3,5 баробарга камайтирди”, - дейилади UzMedInfo Маркази ахборот хизмати хабарида.
Анжуманда дастурнинг самарали якунланганини баҳолаш билан бир қаторда, сил касалликларини аниқлаш, ташхислаш, олдини олиш ва даволашни ташкил этишни такомиллаштириш бўйича кейинги стратегиялар тақдим этилади.
«Сил касаллиги чегара билмайди ва бу уни умумжаҳон миқёсидаги тиббий муаммога айлантирмоқда», – дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг силга қарши кураш бўйича дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси тиббиёт мутахассиси Октай Гёзалов. - Шу боис сил касаллигига қарши курашни тезкор ва қатъий чоралар билан ҳал этиш зарур. Ўзбекистонда ушбу йўналишда юқори натижаларга эришилмоқда. Бугунги анжуман орқали силга қарши кураш Ҳамкорлик лойиҳаси доирасида бажарилган ишларни сарҳисоб қилиб, янги режалар тузишни мақсад қилганмиз».
«Сил касалликларига қарши курашиш мамлакатимиз тиббиётининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади, — дейдиХоразм вилояти сил касалликлари диспансери бош шифокори Баҳодир Аҳмедов. – Ҳозирда силнинг олдини олиш, касалликни эрта босқичларда аниқлаш ва, албатта, хавфли оқибатларини камайтириш мамлакатимиз фтизиатрлари олдидаги асосий вазифа бўлиб турибди. Хоразм вилояти мисолида айтадиган бўлсам, бугунги кунда диспансеримизда ушбу вазифаларни кўнгилдагидек уддалаш учун барча шароитлар мавжуд. Хусусан, беморларнинг юқори сифатли лаборатория ташхисидан ўтишлари ҳамда махсус ёндашув орқали даволанишлари таъминланмоқда. Олдиндаги асосий мақсадимиз эса сил касалликлари ва унинг оқибатида юзага келаётган ўлим кўрсаткичларини камайтириш ҳисобланади».