2007 йилдан бери Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ХҚХҚ билан 40 зиёд қўшма лойиҳаларни амалга оширди

Дата: 13:02, 08-02-2017.

Тошкент. 8 феврал. ЎзТАГ – 2007 йилдан бери Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ва Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг (ХҚХҚ) Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси томонидан 40 зиёд қўшма лойиҳалар амалга оширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ). 

Бу ҳақида тарафлар ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш маросимида маълум қилинди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири ўринбосари Музаффар Солиев, Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Жан-Жером Касабьянка ва бошқалар қатнашдилар.

Иккитомонлама ҳамкорликда ҳарбий шифокорларни тайёрлаш, ҳарбий хизматчиларнинг халқаро ҳарбий ва гуманитар ҳуқуқ соҳасидаги малакасини ошириш бўйича эришилган ютуқларнинг юқори даражасига қайд этилди.

Имзоланган меморандум томонларнинг ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш йўналишларини белгилаб беради. Бу Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларини тайёрлаш ва ўқитиш дастурлари учун зарур таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Шу мақсадда анжуманлар, давра суҳбатлари, турли ўқув семинари ва тренинглар ўтказилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси томонидан ўқув материаллари, ҳужжат ва адабиётлар тақдим этилади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ўртасида ҳарбий шифокорларни тайёрлаш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама этилди.  

Янгилик билан ўртоқлашиш: