2014-2015-йилларда Япония Ўзбекистонга $1,5 млрд ажратади
Тошкент. 6 май. ЎзТАГ – Япония ҳукумати 2014-2015 йилларда Ўзбекистонга умумий қиймати $1,5 млрдни ташкил қиладиган кредитлар ажратади, деб хабар берди сешанба куни РИА Новости Ўзбекистон Молия вазирлигидаги манбага асосланган ҳолда.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Япония Бош вазирининг ўринбосари, молия вазири Таро Асо билан турли соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар, деб аниқлаштирди манба.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда томонлар энергетика, химия саноати, инфраструктура ва телекоммуникация соҳаларида биргаликдаги лойиҳаларни муҳокама қилмоқдалар.
Хусусан, Япония Ҳалқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) яқин икки йил ичида Ўзбекистонга умумий қиймати $1 млрдлик кредитлар беришни режалаштирмоқда. Ушбу маблағлар Наманган вилоятида иссиқлик электростанцияси қуриш ва Аму-Бухоро ирригацион тизимини модернизация қилиш ҳамда мамлакат марказий қисмидаги “Мароқанд-Навоий-Бухоро” темир йўлини электрлаштиришга сарфланади.
Япония Халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) ва тижорат банклари Навоий вилоятида газ-кимё мажмуини қуриш ва мамлакат ҳудудини 100% рақамли телевизион узатиш тизими билан қамраб олишга $500 млн маблағ ажратадилар.
Ўзбек томони маълумотларига кўра, Япония Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий шерикларидан бири ҳисобланади. Япония томонидан Ўзбекистондаги устувор лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилган молия воситаларининг умумий ҳажми $2,32 миллиарддан ошиқни ташкил этади. Шу жумладан, йенада берилган давлат имтиёзли кредитлари - $1,5 млрд атрофида, тижорат кредитлари - $700 млндан ошиқни ташкил қилади, деб ёзади нашр.


