2014-2017 йилларда UZMOBILE миллий оператори бутун Ўзбекистон бўйлаб GSM стандартида ишлай бошлайди

Дата: 13:15, 20-02-2015.

Тошкент. 20 феврал. ЎзТАГ – 2014-2017 йилларда UZMOBILE миллий оператори бутун Ўзбекистон бўйлаб GSM стандартини жорий қилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) компания матбуот хизмати маълумотига асосланган ҳолда.

Бу ҳақида куни-кеча пойтахтда UZMOBILE томонидан ташкил қилинган матбуот анджуманида хабар қилинган.

Маълумки, янги оператор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014-йил 12-февралдаги ПҚ-2126 сонли “Мобил алоқа миллий оператори фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ ташкил этилмоқда.

“Қарорга мувофиқ, 2014-2017 йилларда бутун Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб мобил алоқа миллий оператори UZMOBILEни жаҳон ишлаб чиқарувчиларнинг энг янги ускуналарини ўрнатиш орқали жадал ривожлантириш назарда тутилган”, - дейилади маълумотда.

“Бундан ташқари, “Ўзбектелеком” АК UZMOBILE филиали СDМА-450 EV-DO тармоғини фойдаланишга топшириш ҳамда келгусида ривожлантириш давом эттиради. Шу билан бирга, UZMOBILE GSM стандарти тармоғининг қурилиши фаол олиб борилади”, - деб таъкидлашди компанияда.

“Қарорга мувофиқ, 2015-йил март ойидан UZMOBILE GSM тижорат тармоғи Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фойдаланишга топширилади. 2016-2017 йилларда бутун Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб 2G/3G ва 4G технологияси жорий этилган UZMOBILE GSM тармоғини кенгайтириш кўзда тутилган. Шу билан бир вақтда, UZMOBILE СDМА-450 EV-DO тармоқларини ривожлантириш давом этмоқда», - деб таъкидланади хабарда.

UZMOBILE абонентлари учун қулай ва арзон тариф режалари, шунингдек, ҳар икки: СDМА-450 ва EV-DO ҳамда 2G/3G ва 4G LTE стандартлари устунликларидан фойдаланган ҳолда сифатли хизматлар тақдим этилади.

Маълумот ўрнида, “Ўзбектелеком” – бутун Ўзбекистон Республикаси ҳудудини қамраб олган йирик телекоммуникация операторидир. Компания симли ва мобиль алоқа операторларига, провайдерларга алоқа каналлари ижараси, барча турдаги овозли алоқа ва маълумотлар узатиш, Интернетга чиқиш, видеоконференция алоқаси, телевизион ва радиоузатиш хизматларини кўрсатади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: