2014 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ЯИМ ҳажми 144,8 трлн. сўмни ташкил қилди
Тошкент. 11 март. ЎзТАГ – 2014 йил якунлари бўйича Ўзбекистон ЯИМ ҳажми жорий нархларда 144,8 трлн. 867,9 млрд.сўмни ташкил қилди. Бу 2013 йил кўрсаткичларидан 8,1% ошиқдир, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу бошланғич маълумотлар Давлат статистика қўмитаси сайтида мавжуд. ЯИМ таркибида иқтисодиётнинг нодавлат тармоғига 82,9%, давлат тармоғига 17,1% тўғри келмоқда.
Нодавлат тармоғининг 32,5% фуқаролар мулки, 27% хўжалик бирлашмалари мулки, 13,9% хорижий капитал иштирокидаги корхоналар мулки, 6,4% фермер ва деҳқон хўжаликлари ва 3,1% бошқа хилдаги нодавлат мулкчилик шаклларига тўғри келмоқда.
Маълумот ўрнида, 2013 йилда нодавлат тармоғига ЯИМнинг 82,1%, давлат тармоғига 17,9% тўғри келган эди.
ЯИМ таркибида хизматлар ишлаб чиқаришга 54%, товарлар ишлаб чиқаришга 37,6%, маҳсулотлар ва экспорт-импорт операцияларига 8,4% тўғри келмоқда.