2014 йилда Хитой компаниялари “Жиззах” МСҲга $50 млн сармоя киритади

Дата: 22:59, 22-05-2014.

Тошкент. 22 май. ЎзТАГ – Жорий йилда “Жиззах” махсус саноат ҳудудида тўғридан-тўғри хитой инвестицияларини жалб этган ҳолда қиймати $50 млнлик 15 қўшма лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган деб хабар беради UzDaily.uz сайти.
Эслатиб ўтамизки, 18 март куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов мамлакатнинг “Жиззах” вилояти ҳудудида “Жиззах” янги махсус саноат ҳудудини ташкил этиш ҳақидаги қарорни имзолаган эди.
“Жиззах” МСҲ 30 йилга ташкил этилиб, ушбу муддат чўзилиши мумкин. Ушбу муддат давомида ҳудудда алоҳида солиқ режими жорий этилиб, божхона имтиёзлари амал қилади.
“Жиззах” МСҲ Ўзбекистондаги учинчи махсус иқтисодий ҳудуддир. Бундан олдин 2008 йилда мамлакатда биринчи “Навоий” эркин саноат иқтисодий ҳудуди яратилган эди. 2012 йилда эса “Ангрен” махсус саноат ҳудуди ташкил қилинди.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда Хитойнинг капитали билан ташкил этилган 466 корхона фаолият юритмоқда. Шу жумладан, 77 корхона 100% хитой капиталига очилган. Мамлакатда жами ХХРнинг 71 компанияси ваколатхоналари рўйхатга олинган.
Сўнгги маълумотларга кўра, сўнгги 6 йил ичида икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 6 мартага ошиб, 2013 йил якунлари бўйича $5,2 млрдга етди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: