2014 йилда Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 13,3% қисқарди
Тошкент. 23 март. ЎзТАГ – 2014 йилда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги пул ўтказмаларининг умумий ҳажми $6,239 млрдни ташкил этиб, 2013 йилдагига қараганда 13,3% камайди, деб хабар қилади UzDaily.uz Россия Марказий банкига асосланган ҳолда.
РФ МБ маълумотларига кўра, 2014 йилда Ўзбекистонга Россиядан $5,581 млрд пул жўнатилган бўлиб, бу 2013 йилдаги билан солиштирганда 15,86% оздир. Ўз навбатида, ўтган йили Ўзбекистондан РФга $658 млн жўнатилган (+16,87%).
Россиядан Ўзбекистонга жўнатилган битта транзакция суммаси 2013 йилдаги $593дан 2014 йилга келиб $563га қадар пасайган. Ўзбекистондан Россияга битта ўтказма миқдори эса 2013 йилдаги $1901дан 2014 йилда $1876га қадар тушган.
2014 йилнинг тўртинчи чорагида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги пул ўтказмалари 2013 йилнинг муқобил вақтидагига солиштирганда 37,23% озайиб, $1,177 млрдни ташкил этди.
Ўтган йилнинг сўнгги чорагида РФдан Ўзбекистонга $989 млн жўнатилди ва бу 2013 йилнинг муқобил давридагига қараганда 42,64% оздир. Ҳисобот даврида Ўзбекистондан Россияга 24,5% кўп, яъни $188 млн. жўнатилган.
Бунда бир ўтказманинг ўртача миқдори 2013 йилнинг тўртинчи чорагида $615дан 2014 йил тўртинчи чорагига бориб $498ни ташкил қилган.
Қайд этилишича, пул ўтказмалари ҳажмининг қисқариши Россиядаги мураккаб иқтисодий вазият ва рубль курсининг ўзгариши билан боғлиқ.
Россия Марказий банки маълумотига кўра, маълумотлар Anelik, BLIZKO, Contact, InterExpress, UNIStream, Western Union, Колибри, Золотая Корона, ЛИДЕР, Почта России пул ўтказиш тизимларини ўз ичига олади.