2014 йилнинг биринчи чорагида ўзбек автомобилларининг Қозоғистон бозоридаги улуши деярли 3 мартага тушиб кетди

Дата: 16:12, 24-06-2014.

Тошкент. 24 июн. ЎзТАГ – 2014 йилнинг биринчи чорагида ўзбек автомобилларининг Қозоғистон бозоридаги улуши деярли 3 мартага тушиб кетди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Қозоғистон автобизнеси ассоциацияси маълумотларига асосланган ҳолда.
Агар 2013 йилнинг биринчи чорагида ўзбек автомобилларининг Қозоғистондаги улуши 9,5% тенг бўлган бўлса, 2014 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 3,3% тушиб қолди. Сон жиҳатдан сотувлар ҳажми 2013 йилнинг биринчи чорагидаги 2,612 минг донадан 2014 йилнинг шу даврида 1,128 минг донагача пасайди.
Мутахассисларнинг қайд этишларича, бунинг сабаби Қозоғистон томонидан ўзбек автомобиллари жавоб бермайдиган техник регламентларнинг жорий этилганлигидир.
Ассоциация маълумотларига кўра, ўтган йили Ўзбекистондан Қозоғистонга 13,7 минг атрофида автомобил экспорт қилинган.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон автомобил ишлаб чиқарувчиларига 2014 йилнинг 5 январидан бошлаб Қозоғистонда сотиш таъқиқланган Nexia ва Matiz автомобилларини жорий йилнинг 1 июлига қадар Қозоғистонга экспорт қилишга рухсат берилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: