2014 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга жалб қилинган грантларнинг асосий қисми соғлиқни-сақлаш ва таълимга йўналтирилган

Дата: 11:15, 28-08-2014.

Тошкент. 28 август. ЎзТАГ – 2014 йилнинг январ-июнида Ўзбекистон беғараз техник кўмак бўйича 96 лойиҳага $90,1 млн маблағ жалб қилди, дея хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган маълумотга кўра, бундан $37,8 миллиони соғлиқни-сақлаш соҳасидаги 24 лойиҳага, яна $24,9 миллиони таълим ва кадрлар малакасини ошириш, ўқиш, стажировка, компьютер техникасини сотиб олиш, дастурий таъминот ишлаб чиқиш соҳаларидаги 25 лойиҳага жалб қилинган. Бундан ташқари, умумий қиймати $5,9 млн бўлган 4 грант экологияни яхшилашга йўналтирилган.

Эслатиб ўтамизки, 2013 йилда Ўзбекистон умумий қиймати $200,1 млн бўлган 186 грант жалб қилган бўлиб, унинг $55,9 миллиони соғлиқни-сақлашга, $49,8 миллиони қишлоқ ва сув хўжалигига, $12,4 миллиони ичимлик суви ва санитарияни яхшилаш бўйича лойиҳаларга сарфланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: