2014 йилнинг биринчи ярмида “Ўзсаноатқурилишбанк” хорижий банклар кредит линиялари бўйича $6,5 млн маблағни ўзлаштирди
Тошкент. 31 июл. ЎзТАГ – 2014 йилнинг биринчи ярмида “Ўзсаноатқурилишбанк” хорижий банклар кредит линиялари бўйича $6,5 млн маблағни ўзлаштирди. 2014 йилда банк жами $16 млн ана шундай маблағларни ўзлаштиришни режалаштирган, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Банкдан хабар қилишларича, бунга немис банкларининг $6 млн, Хусусий тармоқни ривожлантириш ислом корпорациясининг $3 млн, Жаҳон банкининг “Саноат корхоналари энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси доирасидаги $7 млнлик кредит линиялари маблағлари киради.
Бундан ташқари, кичик бизнес лойиҳаларини қўшма молиялаш мақсадларида “Ўзсаноатқурилишбанк” Хитой Давлат Тараққиёти банкига $10 млнлик кредит олиш учун сўровнома билан мурожаат қилди. Ҳозирда ушбу маблағни ажратишга доир келишув ва Кичик бизнесни $40 млнга қўллаб-қувватлаш соҳасида стратегик ҳамкорликка доир меморандум имзоланган.