2015-2016 йилларда голландиянинг LT Textile компанияси Ўзбекистонда қиймати $55 млнлик текстиль мажмуаси қуради
Тошкент. 10 ноябр. ЎзТАГ – 2015-2016 йилларда голландиянинг LT Textile компанияси Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятида қиймати $55 млнлик текстиль мажмуаси қуради, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ҳукуматнинг душанба куни эълон қилинган қарорига асосланган ҳолда.
Хужжат билан жорий йилнинг 17 октябрида Ўзбекистон ҳукумати ва голланд компанияси ўртасида имзоланган инвестиция шартномаси тасдиқланган. Унга кўра, LT Textile Cooperatief 2015-2016 йилларда лойиҳага камида $55 млн. киритади. Бундан $17 млн. ўз маблағлари ва $38 млн. хорижий банклар кредитлари бўлади.
Текстиль ишлаб чиқаришини ишга тушириш 2016 йил ноябрга мўлжалланган. Унинг қуввати йилига 20 минг тонна пахта толаси ва 15 минг тонна калава ип ва аралаш калава ишлаб чиқаришга мўлжаланган. Фабрика лойиҳа қувватига 2017 йил биринчи чорагида чиқади. Бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг камида 80% экспортга чиқарилади.
Маълумот ўрнида, “Ўзбекенгилсаноат” ДАК маълумтларига кўра, 90-йиллардан бери соҳада 150 лойиҳа амалга оширилиб, $2 млрд. атрофида хорижий инвестициялар жалб қилинган.
2016 йилда компания тармоқда қиймати $1,678 млрдлик 106 лойиҳани амалга оширишни режалаштирган. Бу ички бозорда ҳозирдаги 40% (400 минг тонна) ўрнига 70% қадар пахта толасини қайта ишлашга имкон беради.


