2015 йил охирига қадар “Жиззах” ЭИҲ қиймати $56 млнлик 6 текстиль корхонаси очилади

Дата: 14:23, 28-04-2014.

Тошкент. 28 апрель. ЎзТАГ – 2015 йил охирига қадар “Жиззах” эркин иқтисодий ҳудудида хитойлик компаниялар томонидан умумий қиймати $56 млнлик 6 текстиль корхонасини ишга тушириш режалаштирилган, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Корхоналарнинг умумий қуввати йилига 30 млн кв. метр пахта толалик матолар, 13 минг тонна трикотаж материаллари ва 15 млн дона тикув ва трикотаж маҳсулотларини ташкил этади.
2013 йилда “Ўзбекенгилсаноат” ДАК ва ХХР корхоналари билан текстиль саноатида 6 лойиҳани амалга ошириш ҳақида келишувлар имзоланган эди.
“Nan Yang Mulanhu Co. Ltd” компанияси йилига қуввати 5 млн кв. метр мато ва 10 млн дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга етадиган текстиль мажмуини яратади. Лойиҳа қиймати – $10 млн.
“Henan Sine” ширкати йилига 7 минг тонна эшилган ип ва 20 млн метр мато ишлаб чиқаришни йўлга қўяди ($20 млн).
“Pinmian Co. Ltd” компанияси йилига қуввати 1,5 минг тонна трикотаж материал ва 5 млн. дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил қилади ($5 млн).
“Hebey An Feng Da Group” компанияси йилига 7,5 минг тонна калава ип ва 4 минг тонна тўқув матолари ишлаб чиқаришни йўлга қўяди ($20 млн).
Ва ниҳоят, “Nan Yang Red Cotton Angel Textole Co.Ltd” текстил ускуналарига хизмат кўрсатувчи сервис марказини очади ($1 млн).

Янгилик билан ўртоқлашиш: