2015 йилда ахборот-коммуникация технологияларига Ўзбекистон ЯИМ 2% тўғри келди

Дата: 18:18, 04-03-2016.

Тошкент. 4 март. ЎзТАГ – 2015 йилда ахборот-коммуникация технологияларига Ўзбекистон ЯИМ 2% тўғри келди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар мамлакат раҳбари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг якуний йиғилишидаги маърузасида келтирилди. Айни пайтда президент кейинги йилларда IT тармоғи тезкор ривожланаётганини таъкидлаб ўтди.

“Бугунги кунда Жанубий Кореянинг Инха университети каби хорижий билим масканларида ва мамлакатимиз олий ўқув юртларида юқори малакали кадрлар тайёрланаётганини инобатга оладиган бўлсак, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янада ривожлантириш учун барча зарур ресурс ва имкониятларга эга эканимиз аён бўлади”, - деб таъкидланади маърузада.

Шунингдек, ялпи ички маҳсулотнинг тахминан 5,5% ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига тўғри келаётгани, нуфузли халқаро экспертларнинг фикрига кўра, 2020 йилда бу кўрсаткич 9%дан ошиши ҳам айтиб ўтилган. Масалан, Корея Республикасининг ялпи ички маҳсулотида ахборот-коммуникация технологияларининг улуши 11,8%дан зиёдни, Швецияда 7%ни, Америка Қўшма Штатларида эса 6,8%ни ташкил этади.

“Ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши мамлакатнинг рақобатдошлик даражасига таъсир кўрсатиши, катта ҳажмда ахборот тўплаш ва уни умумлаштириш имконини бериши, бошқаришни стратегик даражада ташкил этиш учун кенг имкониятлар очиб беришини унутмаслигимиз зарур”, - деб таъкидланади президент маърузасида. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: