2015 йилда энг фаол кўчки жараёнлари Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида намоён бўлди

Дата: 10:07, 07-08-2015.

Тошкент. 7 август. ЎзТАГ – 2015 йилнинг қиш-баҳор ойларида энг фаол кўчки жараёнлари Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида намоён бўлиб, бу ҳудудларда ҳажми 1 млн кубометрдан юқори бир-нечта кўчкилар содир бўлди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси маълумотларига кўра, Хавфли геологик жараёнлар устидан Давлат кузатиш хизмати (ХГЖ ДКХ) мутахассислари томонидан кўчкиларнинг бошланғич белгилари ўз вақтида аниқланиб, бу маҳаллий ҳокимият органларига ўз вақтида хавфсизлик чораларини кўриш учун имконият яратди.

Қўмита маълумотида феврал-май ойларида ХГЖ ДКХ Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари шунингдек Фарғона водийсининг тоғли худудларидаги аҳоли пунктларига, ижтимоий ва иқтисодий объектларига ҳавф солган геологик жараёнларни ўрганиш ва кузатиш ишларини узлуксиз равишда олиб бордилар. 

Айни пайтда Тошкент-Ош автомобил йўли, Тошғузор-Бойсун-Қумқўрғон темир йўли ва қурилаётган Ангрен-Поп темир йўлига яқин ҳудудлардаги тоғ чўққиларига катта аҳамият қаратилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: