2015 йилда Қозоғистон ва Ўзбекистон тайёр маҳсулотлар ҳисобига ўзаро савдони кенгайтиришни режалаштиришмоқда

Дата: 22:09, 26-12-2014.

Тошкент. 26 декабр. ЎзТАГ – 2015 йилда Қозоғистон ва Ўзбекистон қатор хужжатлар имзолаган ҳолда тайёр маҳсулотлар ҳисобига ўзаро савдони кенгайтиришни режалаштиришмоқда, дея хабар беради Қозоқ телеграф агентлиги (КазТАГ) мухбири.

Хабар қилинишича, Тошкентда иккитомонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 14-йиғилиши бўлиб ўтган. Ўз чиқишларида комиссия ҳамраислари Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Бактижан Сагинтаев ва унинг ўзбек ҳамкасби Рустам Азимовлар ўзаро савдони кенгайтириш ва мавжуд тўсиқларни олиб ташлаш масаласига эътибор қаратганлар.

“Мамлакатларимиз президентларининг топшириқларини бажаришга диққат қилиш, бир-бирларимизга етказиб берадиган маҳсулотлар турларини кенгайтириш билан боғлиқ йўналишларни кенгайтириш зарур. Бу ўзаро савдо ҳажмларини оширишга кўмаклашади”, - деди Б.Сагинтаев.

Ўз навбатида, Р.Азимов “Ўзбекистон мамлакатда ишлаб чиқарилаётган таниқли компаниялар маҳсулотларини сотиб олиш учун фойдали шартлар таклиф қилиши мумкин”, - деб қўшимча қилди.

“Айни пайтда мамлакатлар қўшни эканлигини ҳисобга олган ҳолда кўплаб транспорт, суғурта харажатларини чиқариб ташлаш мумкин бўлади”, - деб ҳисоблайди Ўзбекистон бош вазири ўринбосари.

Йиғилиш давомида сув-энергетика тармоғи, агросаноат мажмуи, саноат ва газ соҳаларидага масалалар ҳам кўриб чиқилган.

Йиғилиш якунлари бўйича қўшма протокол имзоланди. Хужжатга мувофиқ, томонлар 2015 йил биринчи чоракда тайёр маҳсулотлар ҳисобига ўзаро савдони кенгайтиришга келишдилар.

Шунингдек, музокара иштирокчилари қатор товарлар транзити ва уларни ташиш бўйича бир-бирларини қониқтирадиган тарифлар ишлаб чиқиш ҳақида келишиб олдилар. Транспорт соҳасида томонлар юк авиаташувларларининг очилиши, пассажир рейсларини кўпайтириш масалаларини муҳокама қилишни давом эттирмоқдалар.

Ўзбек статистикасига кўра, 2013 йил якунлари бўйича Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2012 йилдагига қараганда 18% кўпайиб, $3,244 млрдга етган. Ўтган 9 ойда эса унинг ҳажми 25,7% кўпайиб, $3,061 млрдни ташкил этган.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг энг йирик уч ташқисавдо ҳамкорлари қаторига киради (мамлакат товар айланмасининг 14,4%).

Ўзбекистондан қўшни давлатга табиий газ, озиқ-овқат, кимё маҳсулотлари етказиб берилади, Қозоғистон эса бу ерга озиқ-овқат маҳсулотлари, қора ва рангли металлар, кимё маҳсулотлари экспорт қилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: