2015 йилда “Тошкент” РФБ тузилган битимлар ҳажмини уч бараварга оширди

Дата: 15:56, 07-01-2016.

Тошкент. 7 январ. ЎзТАГ - “Тошкент” Республика фонд биржаси (РФБ) 2015 йилдаги фаолиятининг дастлабги якунларини кўриб чиқди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўтган йил якунлари бўйича РФБ тузилган битимлар ҳажми кейинги беш йилдаги рекорд кўрсаткичга - 2794 битимга етди. Бу эса 2014 йилдаги муқобил натижадан (893 битим) уч бараварга кўпдир”, - деб таъкидлашди биржа матбуот хизматида.

Жами 78 акционерлик жамияти акциялари билан савдолар амалга оширилди. Биржа савдолари таркибида иккиламчи бозордаги битимлар ҳажми 94,7 млрд сўмни ташкил қилди (58,8%). Айни пайтда иккиламчи бозордаги айланма 2014 йил кўрсаткичидан деярли 3 бараварга ошди.

Биржа котировкалари рўйхатига қўшимча 128 компания киритилди. Листинг компанияларининг акциялари капитализацияси 2015 йил 31 декабр ҳолатига келиб 8,4 трлн сўмни ташкил этди. Бир йил олдин ушбу кўрсаткич 7,01 трлн сўмга тенг эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: