2015 йилда UZ ҳудудидаги деярли 500 сайтга хакерлар хужум қилди

Дата: 12:30, 04-02-2016.

Тошкент. 4 феврал. ЎзТАГ – Ўтган 2015 йилда UZ ҳудудидаги 493 сайтга хакерлар хужум қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Хужумларнинг кўпчилиги – 78,9% (389 сайт) файл тизимига рухсатсиз кириш шаклида, 19,2% (95) бош саҳифани ўзгартириш, 1,1% (5) – ноқонуний контент ва 0,8% (4) – фишинг контентини жойлаштириш шаклида амалга оширилган”, - деб таъкидлашди Ўзбекистон Ахборот хавфсизлигини таъминлаш марказида.

Марказ экспертлари фикрига кўра, кўпчилик ҳолларда сайт эгалари уларга тегишли сайтнинг хавфсизлигига етарлича эътибор бермайдилар. Буни бузилган сайтларнинг асосий қисми контентни бошқаришнинг эски тизимлари ҳамда заиф плагин, шунингдек, модул ва CMS кенгайтмаларидан фойдаланишлари тасдиқлайди.

Веб-сайтлар бузилишининг яна бир сабаби сайт маъмур ва эгалари томонидан сайтга ва FTP-серверларга киришда, кучсиз пароллардан фойдаланишдир. Сайтларнинг бузилишининг кенг тарқалган яна бир сабаби сайтлар яратувчилари аввал зарарланган қисмлар ва шаблонлардан фойдаланишлари ҳисобланади.

Маъруза муаллифларининг аниқлашича, кўпчилик бузиб кирилган веб-сайтлар контентни бошқариш тизими WordPress (68%) ва CMS Joomla (26), CMS Drupal ()5% ва 1% бошқа контентни бошқариш тизимларида ишлаган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: