2015 йилда “Ўзбекэнерго” ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва модернизация қилишга $1,125 млрд сарфлайди

Дата: 15:48, 10-02-2015.

Тошкент. 10 феврал. ЎзТАГ – 2015 йилда “Ўзбекэнерго” ДАК ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва модернизация қилишга $1,125 млрд сарфлайди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, Тошкент ИЭСда қиймати $512 млн. ва қуввати 370 МВтлик газбуғ ускунасини қуриш, пойтахт вилоятидаги Чорвоқ ГЭСни $54 млн. эвазига модернизация қилишни якунлашни режалаштирмоқда.

РИА Новостига компаниядаги манбанининг хабар беришича, бу 2014 йилдагига қараганда 1,5 бараварга кўпдир.

Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, ҳукумат томонидан жорий йилда электр энергетикаси соҳасига йўналтириладиган инвестицияларни ўзлаштиришга доир прогноз кўрсаткичлар тасдиқланган. Капитал киритмалар таркибида хорижий қарз ва инвестициялар миқдори $701,5 млнни, “Ўзбекэнерго” ДАКнинг ўз маблағлари $305,2 млнни, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитлари $118,9 млнни ташкил этади.

Кўрсатилган лойиҳалардан ташқари, компания Наманган вилоятида қуввати 900 МВт бўлган Тўрақўрғон ИЭСни ва Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятидаги қуввати 100 МВтлик қуёш фотоэлектрик станциясини қуришни давом эттиришни режалаштирмоқда. Амалдаги қувватларни модернизация қилиш дастури 2015 йилда Талимаржон ва Навоий ИЭСда умумий қуввати 1,27 ГВтлик газбуғ қурилмаларни барпо этишни кўзда тутади.

Маълумот ўрнида бугунда Ўзбекистон энерготизимида ялпи қуввати 12,4 минг МВтдан ошиқ бўлган 45 электростанция ишлаб турибди. Шу жумладан, “Ўзбекэнерго” ДАКнинг 16 электростанциялари қуввати 12,04 минг МВтга тенг. Электроэнергиянинг қолган қисми Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарашли саноат корхоналарининг автоном иссиқлик электростанциялари ва кичик ГЭСлар томонидан ишлаб чиқарилади. Мамлакатда 56-57 млрд кВт соат электроэнергия ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.

Янгилик билан ўртоқлашиш: