2015 йилда Ўзбекистон $3,5 млрддан зиёд хорижий инвестицияларни ўзлаштиришни режалаштирмоқда

Дата: 16:39, 24-12-2014.

Тошкент. 24 декабр. ЎзТАГ – Инвестиция дастурига мувофиқ, 2015 йилда Ўзбекистон 156 инвестиция лойиҳаллари доирасида $3,5 млрддан зиёд хорижий инвестицияларни ўзлаштиришни режалаштирмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Шундан 76 лойиҳа бўйича $965 млн хорижий кредитлар ҳукумат кафолати ҳисобига, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига 80 лойиҳа бўйича $2,569 млрд, ўзлаштирилади. Энг кўп инвестициялар (35 лойиҳа бўйича) $2,299 млрд ёқилғи-энергетика тармоғига жалб қилинади. Бунда хорижий компаниялар нефтегаз соҳасидаги 15 лойиҳага $2,071 млрд пул тикишни режалаштирмоқда.

Хусусан, Kogas бошчилигидаги корея компаниялари консорциуми мамлакат шимолий-шарқида умумий қиймати $4,1 млрд бўлган Устюрт газ-кимё мажмуини қуришни якунлайди. Хитойнинг CNPC компанияси қиймати $800 млнлик “Марказий Осиё-Хитой” газ қувурининг 4-бўғинини қуришга киришади.

Россиянинг “ЛУКОЙЛ” нефт компанияси Ўзбекистондаги қиймати $8 млрдлик икки лойиҳага $587 млн. киритади.

Илгари 2014 йилда Ўзбекистон $3,88 млрд тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштиришни режалаштиргани ҳақида хабар қилинган эди. Ҳукумат маълумотларига кўра, январ-сентябрда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялари миқдори 19% кўпайиб, $2,1 млрдга етган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: