2015 йилда Ўзбекистонда GM Uzbekistan автомобиллари учун 125 минг комплект ойналар ишлаб чиқарилди
Тошкент. 8 феврал. ЎзТАГ – 2015 йилда Ўзбекистондаги ягона “Автоойна” корхонаси GM Uzbekistan автомобиллари учун 125 минг комплект ойналар ишлаб чиқарди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўтган 2015 йилда Фарғонадаги “Автоойна” МЧЖ томонидан “Nexia” автомобили учун 16 минг, “Lacetti” автомобили учун 38 минг, “Сobalt” автомобили учун 19 минг, “Spark” автомобили учун 25 минг комплектдан ортиқ автомобиль ойналари етказиб берилган. Шунингдек корхона “Хоразмавто” ишлаб чиқариш корхонасига ҳам “Damas” автомобили учун 26 мингдан ортиқ ойналар комплектини етказиб бериш билан бирга мамлакат иккиламчи бозорларни сифатли автомобил ойналари билан таъминлайди”, - деб таъкидлашди “Ўзавтосаноат” АКда.
Ўтган йилда маҳаллийлаштириш дастури доирасида автомобиль саноатида 173,3 млрд сўмлик 17 лойиҳа амалга оширилди.
“Автоойна” компанияси 1998 йил октябрда ташкил этилган бўлиб, автомобиль ойналари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бу ерга хом ашё Қувасойдаги “Кварц” АЖ томонидан етказиб берилади. Корхонада кўпқаватли олд (триплекс), мустаҳкам ён ва орқа (сталинит) автомобиль ойналари тайёрланади.