2015 йилда ўзбекистонликлар энг кўп уй-жой ва коммунал хўжалик, умумий овқатланиш ва савдо соҳаларидан шикоят қилганлар
Тошкент. 11 март. ЎзТАГ – Ўтган 2015 йилда ўзбекистонликлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида 5140 марта мурожаат қилганлар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Энг муаммоли йўналишларга коммунал соҳа (барча мурожаатларнинг 58%, 2014 йилда 63,4%), умумий овқатланиш ва савдо соҳалари (20,4%, 2014 йилда 16,4%), транспорт, алоқа ва коммуникациялар соҳаси (9,1%, 2014 йилда 9,7%) кабилар кирди”, - деб таъкидлашди Давлат рақобат қўмитасида.
Тушган ёзма аризаларнинг 92,5% истеъмолчилар фойдасига ҳал қилинди ва 1325,5 млн сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди. Ишонч телефони орқали тушган мурожаатларнинг 61,9% бўйича тегишли чоралар кўрилди ва 328,9 млн сўм истеъмолчилар ҳисобига қайта ҳисоб-китоб қилинди, 38,1% бўйича Қўмита ваколатлари доирасида тегишли тушунтиришлар берилди.
Ўтган ҳисобот даврида энг кўп мурожаатлар Қўмита марказий аппаратининг Тошкент шаҳар ҳудудий органига – 1900 та (2014 йилда 1512 та), Андижон – 397 та (391 та), Тошкент – 333 та (279 та) ва Хоразм – 290 та (378 та) вилоятларига тўғри келган.