2015 йилда Жанубий Кореяга тиббий сайёҳлик мақсадларида ташриф буюрган ўзбекистонликлар сони 2,5 бараварга кўпайди

Дата: 18:02, 22-07-2016.

Тошкент. 22 июл. ЎзТАГ – 2015 йилда Жанубий Кореянинг Кенгидо вилоятига даволаниш мақсадларида ташриф буюрган ўзбекистонликлар сони 2,5 бараварга кўпайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

1news.uz маълумотларига кўра, Марказий Осиёда истиқомат қилувчиларнинг кўпчилиги Кенгидо вилоятига тиббий туризм мақсадларида ташриф буюрмоқда. Вилоят маъмуриятидан хабар беришларича, 2015 йилда Кенгидо касалхоналарида ўзбекистонлик 543 беъмор бўлган. Бу эса 2014 йилдагидан 2,5 бараварга кўп.

Кенгидо вилоятига пластик операция қилдириш учун ташриф буюрувчи бошқа мамлакатлар сайёҳларидан фарқли равишда, Марказий Осиёда истиқомат қилувчилар бу ерга асосан онкологик ва юрак қон-томир хасталикларини даволаш ва нейрохирургик операциялар қилдириш учун ташриф буюрмоқда.

Маълумот ўрнида, 2009 йилда Кенгидо вилоят маъмурияти Марказий Осиёни беъморлар жалб қилиш бўйича стратегик муҳим ҳудуд сифатида белгилаган эди. Шу сабабли вилоят минтақадаги маҳаллий давлат органлари ва тиббий муассасалар билан ҳамкорликни доимий равишда кенгайтирмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: