2016 йил бошида Ўзбекистонда 193 ягона ойна марказлари фаолият юритишни бошлайди

Дата: 09:53, 13-07-2015.

Тошкент. 13 июл. ЎзТАГ – 2016 йил январида туман ва шаҳар ҳокимиятлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш бўйича 196 инспекция асосида тадбиркорлик субъектлари учун Давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ягона ойна марказлари яратилиб, фаолият юритишни бошлайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Марказлар аниқ функция ва вазифаларга эга бўлади. Улар учун ишлаб чиқилаётган муассасалараро электрон алоқа тизими орқали давлат хизматлари кўрсатаётган давлат органлари ва бошқа муассасалар билан ҳамкорлик қилиш бўйича аниқ механизм белгиланади”, – деб таъкидлашди Савдо-саноат палатаси матбуот хизматида.

Ҳозирда “бир ойна” марказларининг аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари билан алоқа қилиш тартибларини ишлаб чиқиш ишлари, уларнинг жойлашувини аниқлаштириш, замонавий техника ва малакали ходимлар билан таъминлаш кабилар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, қатор муассасалар юқоридаги масалаларни ҳал қилишни таъминловчи меъёрий-ҳуқуқий базани яратиш устида ишламоқда.

Қатор давлат хизматлари фақат яратилаётган марказлар орқали кўрсатилади. Айни пайтда давлат органларига тадбиркорлик субъектларидан аризаларни тўғридан-тўғри қабул қилиш, марказ хизматлари рўйхатига киритилган давлат хизматларини кўрсатишда ариза берувчиларни жалб қилиш ёки улар билан боғланишни таъқиқлаш режалаштирилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: