2016 йил июнда “Тошкент” РБФ қиймати 15,3 млрд сўмлик қимматли қоғозлар сотилди

Дата: 14:44, 14-07-2016.

Тошкент. 14 июл. ЎзТАГ – 2016 йилнинг июнида “Тошкент” Республика фонд биржасида (РФБ) қиймати 15,3 млрд сўмлик қимматли қоғозлар сотилди, бу эса 2015 йилнинг муқобил даврига нисбатан 10 баробар кўпдир (1,5 млрд сўм) , деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Биржа сайтидаги маълумотга мувофиқ, 2016 йилнинг июнида фонд биржасида 22та савдо сессияси ўтказилиб, 33та акциядорлик жамиятининг 32,8 млн дона қимматли қоғозлари билан 241та савдо битими тузилган.

Таъкидланишича, июн ойи якунлари бўйича умумий савдо айланмасида қимматли қоғозлар иккиламчи бозорининг улуши юқорилиги кузатилиб, 81,3%ни (12,4 млрд сўм), бирламчи бозор ҳиссаси эса 18,7%ни (2,9 млрд сўм) ташкил этди.

Бундан ташқари, биржа битимларининг ўртача ҳажми 63,6 млн сўмни, қимматли қоғозлар билан битимларнинг ўртача ҳажми миқдори 696,4 млн сўмни, сотилган қимматли қоғознинг ўртача нархи 466,5 сўмни ташкил қилган.

Шунингдек, қимматли қоғозлар билан тузилган битимлар ҳажмининг 58,5% қоғозларнинг номинал қийматида ортиқ бўлган баҳода амалга оширилган. Айни пайтда, энг юқори ликвидлик кўрсаткичи 4,65 пунктга тенг бўлган.

Асосан, тижорат банкларининг (68,8%), агросаноат мажмуи (14,4%) ва саноат (3,9%) соҳаларининг қимматли қоғозларига талаб кучли бўлган.

Жисмоний шахсларнинг инвестициялари миқдори ҳам ўсиб, 4,4 млрд сўм ёки биржа айланмасининг 29% ташкил этган.

$1 = 2953,84 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: