2016 йил мартдан бошлаб Ўзбекистонда интернет-дўконлар орқали майдаулгуржи экспортни декларациясиз амалга оширишга рухсат берилади
Тошкент. 18 декабр. ЎзТАГ - 2016 йил мартдан бошлаб Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қиймати $1 минггача бўлган товарлар интернет-дўконлар орқали божхона юк декларацияси расмийлаштирмасдан туриб экспорт қилиниши мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу меъёр Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2015 йил 13 ноябрдаги “Халқаро почта жўнатувлари устидан божхона назоратининг вақтинчалик қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори билан кўзда тутилган. Ушбу қарор Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги билан келишилган.
Хужжатда таъкидланишича, “экспортчилар товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини интернет тармоғида интернет-дўконлар орқали экспорт шартномаларини расмийлаштирмасдан, республика банкларидаги ҳисоб рақамига тўлиқ тўловни олганидан ва ушбу маълумотни ташқи савдо операциялари ягона ахборот базасига киритганидан сўнг амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар”.