2016 йил сентябрда Бухорода янги темир йўл вокзалини ишга тушириш режалаштирилмоқда
Тошкент. 8 феврал. ЎзТАГ – Жорий йилнинг сентябрида Бухорода янги темир йўл вокзалини ишга тушириш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Янги қурилаётган вокзал биноси эса икки қаватдан иборат бўлиб, бир вақтнинг ўзида 200 нафардан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Ундан меҳмонлар учун 1 та VIP зали ҳамда 4 та дам олиш хоналари ўрин олади. Шу билан бирга навбатчилар, видео кузатув назорати, она ва бола учун махсус хоналар ҳамда тиббиёт пункти, маълумотхона ва буфет ташкил этилади”, - деб таъкидлашди “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясида.
Вокзалнинг олди қисмида кўркам ва замонавий фаввора, йўловчиларга чипта сотиш маскани ҳамда автомобиллар учун турар жой қурилади. Янги бино ва ёндош инфраструктурани қуриш жараёнида сифатли ва замонавий материаллардан фойдаланилиб, техника ва ҳаракат ҳавфсизлигига қатъий амал қилинади.
Ҳозирда Бухоро вокзали чиптахоналаридан маҳаллий йўналишлар ва халқаро қатновларга бир кунда 9 мингга яқин чипта сотилади. 2015 йил йўловчиларга чипта сотилиши 2014 йилга нисбатан 9%, йўловчилар сони 12% ўсди.