2016 йил якунлари бўйича “Тошкент” РФБ айланмаси деярли икки мартага ўсди

Дата: 10:06, 11-01-2017.

Тошкент. 11 январ. ЎзТАГ – 2016 йил якунлари бўйича “Тошкент” Республикаси фонд биржаси савдо айланмасининг умумий ҳажми биржа фаолияти тарихидаги энг юқори кўрсаткичга етиб, 299,8 млрд сўмни ташкил қилди ва 2015 йил савдо айланмасига  нисбатан 1,9 мартага ошди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Биржа маълумотларига кўра, мазкур даврда фонд биржасида қимматли қоғозлар билан амалга оширилган битимлар сони 3080 тани ташкил этган ҳолда 2015 йилга нисбатан 1,1 марта юқори натижа қайд этилди. Йил бошидан буён 141 акциядорлик жамиятининг 689,1 млн дона қимматли қоғозлари сотилди.

Савдо умумий таркибида давлат акция пакетлари 22,3 млрд сўмликни, шундан 400 млн сўмлик қисми ($130 минг) хорижий валютада сотилди.

Иккиламчи бозор секциясида – 205,5 млрд сўмлик савдо битими тузилиб, шундан 112,6 млрд сўмлик қисми ($35,9 млн ва 45,7 минг евро) хорижий валютада сотилди.

2016 йил бошида биржа листингида 261 копания бўлиб, йил давомида унга 87 та янги акциядорлик жамиятларининг қимматли қоғозлари биржа котировкалаш варағига киритилди, 157 та жамиятга нисбатан делистинг тартиби қўлланилди. Натижада 2016 йилнинг 31 декабр ҳолатига биржа котировкалаш варағидан жой олган жамиятларнинг умумий сони 191 тани ташкил этди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: