2016 йилда наманган балиқчилари ишлаб чиқариш ҳажмларини 1,5 бараварга кўпайтиришни режалаштирмоқдалар

Дата: 20:45, 10-02-2016.

Тошкент. 10 феврал. ЎзТАГ – 2016 йилда Наманган вилояти балиқчилик корхоналари 4,15 минг тонна балиқ ишлаб чиқаришни режалаштирмоқдалар. Бу эса 2015 йилдагидан (2,722 тонна) 1,5 бараварга кўпдир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Вилоят қишлоқ хўжалик бошқармасидан хабар беришларича, ушбу мақсадда бу йилда 53 янги балиқчилик хўжалиги ташкил этилиб, уларга 342 га ер ажратилади. Йил бошида вилоятда 200 шундай хўжалик фаолият юритган. Шунингдек, сунъий ҳавзаларга 850 мингдан ортиқ қизилкўз балик қўйиб юбориш режалаштирилмоқда.

Ушбу лойиҳаларни амалга оширишга 5,2 млрд сўм ажратилади, 235 янги иш жойи ташкил этилади.

“Наманганбалиқ” МЧЖ балиқчилик хўжаликларини 4 млн дона қизилкўз балик билан таъминлашни кўзламоқда. Бу ерда замонавий инкубатор бўлиб, у йилига 38 млн балиқ уруғи етиштиришга имкон беради.

Бундан ташқари, жорий йилда балиқчилик хўжаликларига 4,1 минг тонна озуқалар етказиб берилади. 130 га сунъий ҳавзаларни чуқурлаштириш, 60 км дренаж коллекторларини тозалаш режалаштирилмоқда.

Вилоят балиқчилик хўжаликларини ривожлантиришга 11,6 млрд сўм йўналтирилади.

$1 = 2841,6 сўм,

Янгилик билан ўртоқлашиш: