2016 йилда ўзбек темир йўлчилари $800 млн инвестицияларни ўзлаштириш ниятидалар
Тошкент. 29 январ. ЎзТАГ – 2016 йилда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ $800 млн инвестицияларни ўзлаштиришни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Компания томонидан махсус инвестиция дастури ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Унинг доирасида 28 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ўтган йили компания 17 лойиҳани амалга ошириб, $755,1 млн капитал киритмаларни ўзлаштирди”, - деб таъкидлашди “Ўзбекистон темир йўллари” АЖда.
Устивор лойиҳалар сирасига "Ангрен-Поп" темир йўлининг қурилиши ва ушбу лойиҳа доирасида амалга оширилаётган "Қўқон-Андижон" темир йўл участкасини электрлаштиришни якунлаш, “Самарқанд-Бухоро” электрлаштирилган юқори тезликда харакатланувчи йўловчи поездлар харакатини ташкил этиш, “Навоий-Конимех-Мискен” темир йўл линиясини қуриш ҳамда юқори тезликда ҳаракатланувчи йўловчи электровозларни ҳарид қилиш, “Қарши-Термиз” темир йўл линиясини электрлаштириш лойиҳаси киритилган.