2016 йилда Ўзбекистон Афғонистонга электроэнергия етказиб беришни 10% кўпайтиради

Дата: 17:08, 14-12-2015.

Тошкент. 14 декабр. ЎзТАГ – 2016 йилда Ўзбекистон Афғонистонга электроэнергия етказиб беришни 10% кўпайтиради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Маълумотга кўра, Тошкентга нуфузли афғон делегацияси келган. Қатор муҳим шартлар келишилганидан сўнг келаси йилга энергия етказиб бериш бўйича келишув имзоланган.

“Ўзбекистон ва Афғонистон 2016 йилда электр энергия етказиб бериш тўғрисидаги шартномани имзолади”, - деди Sputnik Ўзбекистон мухбирига “Ўзбекэнерго”даги манба.

Унинг сўзларига кўра, “сотиб олинаётган электроэнергиянинг умумий ҳажми тижорат сиридир”. “Бу афғон томонининг талаби. Аммо унинг ҳажми 2015 йилдагидан 10% кўпайишини айтишим мумкин”, - деб таъкидлади манба.

Ҳамсуҳбат маълумотига кўра, ўзбек томони Афғонистон билан бошқа йўналишлар, масалан, электр тармоқлари қурилиши ва мамлакатда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича ҳам ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр.

Бугунда Ўзбекистон Афғонистоннинг йирик шимолий вилоятларига электроэнергия етказиб берувчи ягона мамлакатдир. Афғон томони вакиллари бу ерда истеъмолнинг ўсаётгани сабабли ўзбек энергияси харидини кўпайтириш режалаштирилаётганини ҳам айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамизки, “Ўзбекэнерго” Афғонистонга 2007 йилдан бери электр токи етказиб беради. 2009 йилда бунинг учун 43 кмлик электр узатиш линияси ишга туширилиб, у Сурхандарё вилоятини қўшни Хайратон вилояти билан боғлаган эди.

Бундан ташқари, 2009 йил охирида Сурхандарё вилоятида “Ғузор” ва “Сурхон” станцияларини бир бирига улаган линия қурилиши тугалланди. Натижада Афғонистонга ўзбек электр энергиясини узатишнинг техник имконияти 300 мВтдан ошди.

2015 йилда Ўзбекистон қўшни мамлакатларга жами 1,5 млрд кВт/соат электр энергияси экспорт қилишни режалаштирган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: