2016 йилда Ўзбекистон Давлат рақобат қўмитасига 6,8 мингдан зиёд мурожаатлар келиб тушди

Дата: 16:51, 05-01-2017.

Тошкент. 5 январ. ЎзТАГ – 2016 йилда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси тизимидаги органларига жами 6843 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 5011 таси ёзма, 1832 таси ишонч телефони орқали тушди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Қўмита маълумотларига кўра, мурожаатларнинг аксарияти коммунал соҳага (61,3%), савдо ва умумий овқатлантиришга (22,2%), транспорт, хизмат ва коммуникациялар соҳаларига (6,5%) ва бошқа соҳаларга (10,0%) тўғри келган.

Таъкидланишича, 5011 та ёзма мурожаатларнинг 4591 таси истеъмолчиларнинг фойдасига ҳал этилди, ишонч телефонлари орқали тушган 1832 та мурожаатдан 1135 таси кўриб чиқилди ва тегишли чоралар кўрилди, қолган 697 та мурожаатлар бўйича Давлат рақобат қўмитаси ваколатлари доирасида тегишли тушунтиришлар берилди.

Жами бўлиб 2 млрд 927,3 млн сўм истеъмолчиларнинг фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.

Жумладан, шикоятларни ўрганиш натижалари бўйича кўрсатилмаган ёки сифатсиз хизматлар учун 2 млрд 483,8 млн сўм қайта ҳисоб китоблар амалга оширилган. Ишонч телефони бўйича тушган мурожаатлар бўйича 443,5 млн сўм истеъмолчиларга қайтарилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: