2016 йилда Ўзбекистон иқтисодиётни ривожлантиришга $17,3 млрд йўналтиради

Дата: 11:08, 04-01-2016.

Тошкент. 4 январ. ЎзТАГ – 2016 йилда Ўзбекистон иқтисодиётни ривожлантиришга $17,3 млрд капитал киритмалар йўналтиради, бунинг 23,5% чет эл инвестициялари ташкил этади, деб таъкидлади ўзбекистонликларга янги йил табригида Ислом Каримов, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон президентининг сўзларига кўра, янги йилда умумий қиймати $5,5 млрд бўлган 164 та йирик ишлаб чиқариш объектида қурилиш ишларини якунига етказиш ва уларни фойдаланишга топшириш кўзда тутилмоқда. Улар орасида Толлимаржон иссиқлик электр станциясида ҳар бирининг қуввати 450 мегаватт бўлган иккита буғ-газ турбинаси, Ангрен иссиқлик электр станциясида 150 мегаватт қувватга эга бўлган энергия блоки қурилишини ниҳоясига етказиш, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 70 минг тонна мис ишлаб чиқарадиган металл эритиш корхонасини барпо этиш каби ўта муҳим лойиҳалар борлигини таъкидлаш лозим.

“2016 йилда хитойлик шериклар ёрдамида Қамчиқ довонини кесиб ўтадиган 19 километрлик туннель қурилишини тугатиб, Фарғона водийсини бутун Ўзбекистон билан боғлайдиган темир йўл ишга туширилиши, шунингдек, “Тошкент – Самарқанд” тезюрар темир йўл қатновининг Бухорогача етиб бориши белгиланган”, - деб таъкидлади Ислом Каримов.

Бундан ташқари, давлат раҳбарининг маълумотларига кўра, жорий йилда General Motors  “Т-250” моделидаги енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, Муборак газни қайта ишлаш заводида йиллик қуввати 80 минг тонна бўлган олтингугурт гранулалари тайёрлайдиган корхонани барпо этиш режалаштирилмоқда, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси “Боинг-787” ҳаво лайнерларининг энг замонавий авлодига мансуб иккита янги самолёт билан таъминланиши мамлакатимиз фуқаро авиацияси ривожини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Шунингдек, замонавий тракторлар, янги русумдаги мобиль телефонлар, планшет компьютерлари, ноутбуклар, телевизор ва холодильниклар, кондиционерлар ҳамда бошқа маиший электр техника буюмлари, кенг турдаги дори-дармон воситалари ишлаб чиқарадиган қувватлар ҳам фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: