2016 йилда Ўзбекистон мамлакат марказини Фарғона водийси билан боғловчи ишончли транспорт артериясига эга бўлади

Дата: 14:23, 07-11-2014.

Тошкент. 7 ноябр. ЎзТАГ - 2016 йилда Ўзбекистон мамлакат марказини Фарғона водийси билан боғловчи ишончли транспорт артериясига эга бўлади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу режалар Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси ташкил этилганининг 20 йиллиги билан йўллаган табригида маълум қилинди.

“Биз транспорт коммуникация соҳасидаги яна бир йирик иншоот, яъни, 19 километрлик темир йўл тоннелини ўз ичига оладиган Ангрен-Поп йўналишидаги янги электрлаштирилган темир йўл тармоғини хитойлик ҳамкорларимиз билан биргаликда барпо этишга катта истиқболга эга бўлган муҳим лойиҳа сифатида қарамоқдамиз”, – деб таъкидлади ўзбек раҳбари.

Унинг фикрига кўра, “Ушбу темир йўл тармоғининг 2016 йил июль ойида ишга туширилиши Фарғона водийси вилоятларини Ўзбекистоннинг марказий қисми билан ишончли тарзда боғлашга имкон яратади, республикамизнинг бутун ҳудуди бўйлаб ягона темир йўл транспорт тизимини шакллантириш борасидаги ишларни якунига етказади, Хитой – Марказий Осиё – Европа янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилади”.

Янгилик билан ўртоқлашиш: