2016 йилда Ўзбекистон совутгич омборлар ҳажмлари бўйича биринчи йигирматаликка кирди

Дата: 17:54, 17-02-2017.

Тошкент. 17 феврал ЎзТАГ – 2016 йилда Ўзбекистон совутгичли омборлар ҳажмлари бўйича биринчи йигирматаликка кирди. Бу ҳақида Умумжаҳон совутгич заҳиралари уюшмасининг (Global Cold Chain Alliance – GCCA) халқаро дастурлари бўйича директори Ричард Трейси баён қилди деб хабар беради АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси.

“Ўзбекистон қисқа вақт ичида юқори натижаларга эришди. Унинг бу соҳада дунё бўйлаб кучли 20 та мамлакат қаторига киргани қувонарлидир”, - деди Р.Трейси “Мева ва сабзавотчиликда совутгич омборхоналари: бугунги ҳолат ва Ўзбекистонда ривожланиш истиқболлари” мавзусида амалий семинардаги чиқишида.

Унинг сўзларига кўра, бу нафақат истъемолчиларга йил давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан баҳраманд бўлишга, балки фермерларга узоқдаги бозорларда ўз маҳсулотларини яхшигина нархларда сотишга ҳам имкон яратади.

Трейси Ўзбекистон яқин келажакда ушбу соҳада энг яхши 10 та мамлакат қаторига қўшилишига умид билдирди.

Элчихона хабарида таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелда имзоланган, имтиёзли солиқ тизими, божхона тартибларини соддалаштириш, халқаро молия муассалари ёрдамида кредит олишни кенгайтиришга қаратилган совутгич омборхона имкониятларини янада ошириш ва тарғиб қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги 105-сонли фармони ушбу соҳа ривожига туртки берди.

USAID 2011 йилдан буён ушбу қарорни қўллаб қувватлаш мақсадида  совутгич заҳиралари бўйича турли хил амалий машғулотлар ўтказиш, 300 нафардан зиёд совутгич омборхона раҳбарлари учун юқори даромад келтирувчи технологияларни маҳаллий шароитда фойдаланишга мослаштириш бўйича миллий алмашув дастурларини ташкил этди.

“Буларнинг бари тадбиркорларда маҳсулот сифатини ошириш ҳисобига фойдани оширишга имкон берди”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, 16 феврал куни USAID “Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш” (AVC) лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда “Мева ва сабзавотчиликда совутгич омборхоналари: бугунги ҳолат ва Ўзбекистонда ривожланиш истиқболлари” мавзусида амалий семинар ўтказди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: