2016 йилда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги товар айланмаси 1,8 млрд еврони ташкил этди

Дата: 10:23, 05-05-2017.

Тошкент. 5 май. ЎзТАГ – 2016 йилда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги товар айланмаси 1,8 млрд еврони ташкил этди, деб хабар қилди ЕИ Делегациясининг Ўзбекистондаги раҳбари Эдуардс Стипрайс.

“2016 йилда иккитомонлама савдо-иқтисодий мувозанат бир оз қисқарган ва 1 млрд 800 млн еврони ташкил этган (2015 йилда 1 млрд 837 млн евро). ЕИ Хитой, Россия ва Қозоғистондан сўнг тўртинчи ўринни эгаллаган ҳолда Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари бешлигига кирди”, - деди ЕИ Ўзбекистондаги элчиси Эдуардс Стипрайс Тошкентда бўлиб ўтган матбуот брифингида.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда талаб катта бўлган европа товарлари сирасига машина, ускуна ва механизмлар (711 млн евро ёки ЕИ экспорт қилаётган товарларнинг 43,8%), кимё саноати маҳсулотлари (382 млн евролик), шунингдек, бошқа саноат буюмлари (148 млн евролик) киради.

“Ўз навбатида, ЕИ мамлакатлари томонидан импорт қилинаётган ўзбек товарлари орасида кимё саноати ва унинг билан боғлиқ тармоқлар маҳсулотлари, (85 млн евро ёки ЕИга импорт қилинаётган товарларнинг 48,7%), текстиль ва кийим кечак (40 млн евро ёки 22,8%), шунингдек, мева савзавот ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари (32 млн евро) кабилар бор” , - деб таъкидлади Стипрайс.

У Ўзбекистон ва ЕИ ўзаро савдо ҳажми қониқарли эмаслигини тан олиши ва уни кўпайтириш учун ҳаракат қилинаётганлигини таъкидлаб ўтди. “Бунинг учун Ўзбекистон ва ЕИ иккитарафлама савдони рағбатлантирувчи турли воситаларни қўлланмоқда”, - деб қўшимча қилди ЕИ Ўзбекистондаги Делегацияси раҳбари.

“Масалан, ҳар йили Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик, муассаса ва давлат компаниялари вакиллари Тошкент ёки Брюсселда ўзларининг Европа Комиссиясидаги ҳамкасблари, Савдо, инвестиция, энергетика ва транспорт қўмитаси вакиллари билан учрашмоқдалар ҳамда ўзаро савдо ва сармоялар йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш ҳақида фикр алмашмоқдалар”, - деди дипломат.

Шунингдек, Стипрайснинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва ЕИ Савдо ва инвестициялар бўйича кенгаш ташкил қилиш масаласини муҳокама қилаётганлигини айтиб ўтди.

“Ҳозирда биз ўзбек томони билан Савдо ва инвестициялар бўйича кенгаш ташкил қилиш масаласини муҳокама қилмоқдамиз. Унинг ишида расмий кишилар билан биргаликда ўзбек тадбиркорлари ва европа фирма ва компаниялари вакиллари ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида иштирок этади”, - деб таъкидлади у.

Бундан ташқари, деб таъкидлади дипломат, Европа Иттифоқи Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотларни Европа бозорига тўсиқларсиз кириб боришини таъминлаш мақсадида экспорт соҳасини ҳам рағбатлантирмоқда.

Жумладан, 2016 йил декабрда Европа Парламенти "тўқимачилик протоколи" деб аталувчи ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги битимни тасдиқлади. Мазкур ҳужжат ЕИга олиб кириладиган ўзбек пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотлари учун божхона мажбуриятларини камайтиради”, - деди Стипрайс.

Унинг сўзларига кўра, ушбу хужжат ЕИга олиб кирилаётган ўзбек пахта ва текстиль товарлари учун божхона божларини пасайтиришга имкон беради ва шу орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга Евроиттифоқ ҳудудида савдо қилишларини енгиллаштиради.

 “Европа инвесторларининг Ўзбекистонга қизиқиши жуда катта ва буни турли давлатлар ишбилармон доираларининг мамлакатга бу ерда бизнес юритиш имкониятларини ўрганиш мақсадида ташриф буюраётганлигидан ҳам билиб олиш мумкин”, - деб таъкидлади дипломат.

Янгилик билан ўртоқлашиш: