2016 йилда Ўзбекистон ЯИМ 7,8% ўсди
Тошкент. 16 январ. ЎзТАГ – Ўтган йилда Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 7,8% ўсди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасига асосланган ҳолда.
“2016 йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулот 7,8% ўсди. Саноат маҳсулоти ҳажмлари – 6,6%, қурилиш-пудрат ишлари – 12,5%, чакана савдо айланмаси – 14,4%, хизматлар – 12,5% ўсди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1% миқдорида профицит билан ижро этилди. Ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси таъминланди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади ва 5,7%ни ташкил этди”, - деб таъкидлади давлат раҳбари.
Қишлоқ хўжалигини модернизация ва диверсификациялаш бўйича амалга оширилаётган дастурий чора-тадбирлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ҳажмларини 6,6%, жумладан, мева-сабзавот – 11,2%, картошка – 9,7%, сабзавот маҳсулотлари етиштириш 10,4% ўсишини таъминлади, деб таъкидлади Мирзиёев.