2016 йилда Ўзбекистонда акциялар ва корпоратив облигациялар бозори 4 баравардан кўпга ўсди
Тошкент. 25 январ. ЎзТАГ – 2016 йилда Ўзбекистонда акциялар ва корпоратив облигациялар бозори 4 баравардан кўпга ўсди: 2015 йилдаги 3,55 трлн сўмдан ўтган йилда 14,5 трлн сўмгача, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ташкиллашган бозорда акциялар билан қиймати 307,71 млрд сўмлик 4337 олди-сотди битими тузилди. Бундан бирламчи бозор битимлари 1031 битим ёки 69,55 млрд сўмликни, иккиламчи бозор битимлари 3306 битим ёки 238,2 млрд сўмликни ташкил этди”, - дейилади Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарида.
Иккиламчи акциялар ва корпоратив облигациялар бозорининг айланмаси 1,27 трлн сўмни ташкил қилгани, жумладан, ташкиллашган акциялар бозорида 238,16 млрд сўмлик (3306 битим) ва ташкиллашмаган бозорда 1,03 трлн сўмлик (3482 битим) тузилган. Иккиламчи корпоратив облигациялар бозорида 10,63 млрд сўмлик битимлар тузилган.