2017-2020 йилларда Ўзбекистонда корхоналар ускуналарини янгилашга $2,9 млрд йўналтирилади
Тошкент. 1 март. ЎзТАГ - 2017-2020 йилларда Ўзбекистонда корхоналар ускуналарини янгилашга $2,9 млрд йўналтирилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу капитал киритмаларнинг йўналтирилиши мамлакат президентининг “Жисмонан ва маънан эскирган ускуналарни тезкор янгилаш, шунингдек, саноат тармоқлари ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.
Унга мувофиқ, технологик ускуна ва технологиялар техник аудитдан ўтказилиб, унинг доирасида саноат тармоқлари ишлаб чиқариш фондларининг техник ҳолати ва талабларга жавоб бериши ўрганилган. Республика бўйича 194167 ускуна текширувдан ўтказилган, булардан 34718 янгиланиб, эксплуатациядан чиқарилиши керак. Режага мувофиқ, 2017-2020 йилларда тармоқ жадваллари доирасида қиймати $1 млрд 37,22 млнлик 8703 ускуна янгиланади. Бундан ташқари, инвестиция жадваллари доирасида қиймати $1 млрд 887,53 млнлик 14350 ускуналар янгиланади.