2017 йил якунлари бўйича “Тошкент” РФБ айланмаси 298,6 млрд сўмни ташкил қилди

Дата: 10:14, 17-01-2018.

Тошкент. 17 январ. ЎзТАГ – 2017 йил якунлари бўйича “Тошкент” Республика фонд биржасида биржа битимлари ҳажми 298,6 млрд. сўмликни ташкил этди, бу эса 2016 йил кўрсаткичдан (299.8 млрд. сўм) 0,4% оз ва 2015 йилдагидан 1,8 марта (161 млрд. сўм) кўпдир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Биржа маълумотларига кўра, тузилган битимларнинг умумий сони 2572 (2016 йилда - 3080) ташкил қилди. Ҳисобот даврида 99 та акционерлик жамиятларининг жами 1 млрд. 551,6 млн. дона қимматли қоғозлари сотилди.

Ҳисобот даврида қимматли қоғозлар билан битимлар бир қатор соҳаларда тузилди.

Халқ хўжалигининг асосий тармоқлари кесимида қимматли қоғозларнинг биржа айланмаси қуйидаги кўринишда бўлди.

Иқтисодиётнинг молиявий тармоғидаги корхоналар улуши биржа айланмасининг 87,8% ёки 262,2 млрд. сўмни ташкил этди. Шу жумладан, банклар улуши биржа айланмасининг 86,3% ёки 257,6 млрд. сўмни, суғурта компаниялари улуши биржа айланмасининг 1,5 млрд. сўмни (0,5%) ва лизинг компанияларининг улуши биржа айланмасининг 3,1 млрд. сўмни (1,0%) ташкил этди. 2016 йилда молиявий тармоғининг улуши 51,6% ёки 154,8 млрд. сўмни ташкил этди.

 Қишлоқ хўжалиги тармоғи улуши 9,2% ёки 27,3 млрд. сўмни (2016 йилда - 5,3% ёки 14,9 млрд. сўм) ташкил қилди.

Қурилиш соҳаси корхоналари улуши биржа айланмасининг 0,5% ёки 1,6 млрд. сўмни ташкил этган (2016 йилда - 1,2% ёки 3,5 млрд. сўм).

Саноат тармоғи улуши биржа айланмасининг 0,3% ёки 0,9 млрд. сўмни (2016 йилда 24,6 ёки 73,7 млрд. сўмни) ташкил қилган.

$1=8146,38 сўм

Сурат манбаи: https://armenpress.am/eng/news/894631/european-stocks---12-06-17.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: