2017 йилда “Навоий” эркин иқтисодий ҳудудида 15 лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда

Дата: 22:49, 27-12-2016.

Тошкент. 27 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Навоий” эркин иқтисодий ҳудудига ташриф буюрди ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хабар қилинишича, ташриф Президентнинг “Навоий” эркин иқтисодий ҳудудида бўлиши ва ундаги йирик корхоналар фаолияти билан танишиши доирасида бўлиб ўтди.

“Ш.Мирзиёев иқтисодий ҳудуд фаолиятини янада такомиллаштириш, хорижлик янги ҳамкорларни жалб этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш лозимлигини, истиқболдаги вазифалар ғоят салмоқли эканини алоҳида таъкидлади”, - дейилади ТИВ сайтида жойлаштирилган маълумотда.

“Иқтисодий ҳудудда яратилган улкан имкониятлар, имтиёзлар, шарт-шароитлардан тўла, самарали фойдаланиш зарурлиги, бу иқтисодиётимиз учун муҳим аҳамиятга эга”, - деб таъкидлади президент.

Давлатимиз раҳбари "Навоий" эркин иқтисодий ҳудудида2017-йилда ишга туширилиши режалаштирилган 15 лойиҳа билан танишар экан, уларнинг замонавий технологияларни ўзлаштириш, иқтисодиётимизни диверсификация қилиш, импортни қисқартириш ва экспорт ҳажмини оширишдаги аҳамияти катта эканлигини алоҳида таъкидлади.

“Ш.Мирзиёев мазкур иқтисодий ҳудуд фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берди”, - дейилади хабарда.

Бугунги кунда “Навоий” эркин иқтисодий ҳудудида 18 корхона самарали фаолият юритмоқда. Ушбу корхоналарда 100 дан ортиқ турдаги рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

2015-йилда мазкур иқтисодий зонадаги корхоналар томонидан 184 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, $5 млнлик маҳсулот экспорт қилинган.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2008-йилда ташкил этилган мазкур “Навоий” эркин иқтисодий ҳудудда бугунги кунда Хитой, Сингапур, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Италия, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия каби давлатлар билан ҳамкорликда автомобил саноати учун зарур эҳтиёт қисмлар, энергетика тизимида фойдаланиладиган кабел, рақамли телемосламалар, маиший электрон техникалар ва бошқа харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: